АҚШ федерал суди 1981 йилда президент Рональд Рейган жонига суиқасд уюштирган Жон Хинклини Вашингтондаги авлия Елизавета номли руҳий хасталиклар клиникасидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда, CBS’га асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Айни пайтда Хинкли 61 ёшда. У қўлга олинганидан буён шу муассасада даволаниш курсини ўтаётган эди.
У 5 августда чиқарилиб, шундан сўнг уй назоратида туради.
Ўтган йили Хинклининг даволовчи шифокорлари муваффақиятли реабилитация муносабати билан уни хастахонадан чиқаришни сўраган эди.
Хинкли Виржиния штатидаги Вильямсбург шаҳрида 90 ёшли онаси билан бирга яшайди.
Суд Хинклига матбуот билан мулоқот қилишни тақиқлади.
Хинкли 1981 йилнинг 30 мартида Вашингтондаги меҳмонхонадан чиқаётган Рейганга қарата ўт очди. Ўқлардан бири президентнинг ўпкасини тешиб ўтиб, юрагининг яқинидан ўтди. Бундан ташқари, Оқ Уй матбуот котиби Жеймс Брейди яраланди — у умрининг охиригача фалаж бўлиб қолиб, 2014 йилда оламдан ўтди.
Жиноят олдидан Хинкли актриса Жоди Фостерга мактуб йўллаб, суиқасдга унда таассурот қолдириш учун қўл ураётганини айтган эди.
Суд Хинклини руҳий хаста деб топди.
Роналд Рейган 2004 йилда 93 ёшда вафот этди.
Изоҳ (0)