Сингапурдаги Far East Square спорт аренасида ташкил этилган профессионал бокс кечасида ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоров Халқаро бокс кенгаши (WBC)нинг Asian Boxing Council Silver камари учун ташкил этилган 12 раундлик жангда филиппинлик Адонес Кабалкуинто билан куч синашди. Бу ҳақда «Sports.uz» хабар бермоқда.
12 раунд давом этган оғир жангда ўзбекистонлик боксчи ҳакамларнинг якдил қарори (117-111, 118-110, 117-111) билан зафар қучди.
Таққослаш учун, Абдуқаҳҳоров профессионал рингда 8 та жанг ўтказиб, барчасида (шулардан 5 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган. Филиппинлик боксчи профессионал боксда 26 та жанг ўтказган ва 24 тасида (шулардан 15 тасида нокаут билан) зафар қучиб, 2 тасида имкониятни бой берган.
Қудратилло Абдуқаҳҳоров кетма-кет саккизинчи ғалабасидан сўнг Asian Boxing Council Silver камарини қўлга киритди. Бунгача ўзбекистонлик боксчи мамлакат чемпиони ва World Boxing Foundation International соврини соҳиби бўлганди.
Изоҳ (0)