Буюк Британиянинг Daily Mail газетаси журналистлари Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) бутун Россия терма жамоасини Рио–2016 Олимпиада ўйинларидан четлаштириш қарори ҳақида хабар топди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Бугун, 24 июль куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўлиб ўтадиган ХОҚ Ижроқўмининг йиғилишида Россия терма жамоасининг Олимпиада ўйинларидаги тақдири ҳал қилинади. Бутунжаҳон допинг агентлиги (WADA) ўтказган суриштирувдан сўнг Россия термасини Рио–2016 ўйинларидан четлаштириш тавсия этилгани хабар қилинмоқда.
Газетанинг ХОҚдаги манбасига таяниб қайд этишича, допинг бутун спорт оламига ҳужум эканини кўрсатиш мақсадида Рио–2016 Олимпиадасига йўлланма олган барча 387 россиялик спортчи четлаштирилади.
«Бу Рио Олимпиадасидан бутунлай сургун қилиниш деганидир. Аммо ХОҚ президенти Томас Бах алоҳида спортчиларнинг ҳуқуқлари кўриб чиқилишини хоҳлаяпти», — дея аниқлик киритди Daily Mail нашри.
Номи ошкор қилинмаган манбанинг таъкидлашича, ХОҚдаги асосий шахслар Россия терма жамоасининг 2018 йили Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларидан четлаштирилишини истамоқда.
Изоҳ (0)