Петрозаводскда яшин урган троллейбус ёниб кетди
Россиянинг Петрозаводск шаҳрида 20 июль, чоршанба куни троллейбусни яшин урди, ҳеч ким жабрланмади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Кеча, 20 июль куни маҳаллий вақт билан 22:56 да депо томон йўл олаётган 1-рақамли йўналишдаги троллейбусни яшин урди. Разряд машинанинг олд қисмига бориб тушди. Натижада тутун чиқа бошлади. Ҳайдовчи троллейбусни тўхтатди ва унинг ичидаги 3–4 нафар йўловчи мустақил равишда ташқарига чиқди. Ёнғин 8 дақиқа ичида бартараф этилди. Троллейбус катта зарар кўрди», – деб маълум қилди Карелия бўйича ФВВ.
Петрозаводскда шунга ўхшаш яшин уриши 2007 йилда кузатилганди. Ҳудудда яшин уриши билан боғлиқ бошқа ҳодисалар кузатилмаган.