Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларида ҳукм сураётган жазирама ҳарбий хизматчилар кун тартибига ўзгартириш киритди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ (МХО) расмий вакили, полковник Ярослав Рошчупкин маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Ҳарбий базаларда ҳарорат 35 даражадан ошди, келгуси ҳафтада эса 42—44 даражага етиши кутилмоқда. Шундан келиб чиқиб, кун тартибига ўзгартиришлар киритилди. Эрталабки туриш бир соат олдинга — 05:30 га сурилди. Бунинг эвазига аскарлар тушки уйқу пайти, қуёш тиғига келганда қўшимча бир соат дам олади. Жисмоний тайёргарлик бўйича машғулотлар эрталабга, техник хизмат кўрсатиш эса кечки соатларга тақсимот қилинди», — дея таъкидлади вакил.
Рошчупкинга кўра, командирларга хизматчиларни қуёш остида бўлишини имкон қадар қисқартириш ҳақида кўрсатма берилган. Машғулотлар ўтказиладиган жойларда ҳарбий шифокорларнинг мобил постлари ва ёпиқ мосламалар ўрнатилган. Ҳар соатда сояда дам олиш учун 10 дақиқа вақт ажратилмоқда. Шахсий таркибга офтоб урганда биринчи ёрдам кўрсатиш юзасидан йўл-йўриқлар берилган.
Изоҳ (0)