Ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг Туркия ҳарбий-денгиз флотида 14 та ҳарбий кема етишмаётгани маълум бўлди. Флот қўмондони Вейсал Кезеле ҳам 16 июлдан бери алоқага чиқмади: у исёнчилар қўлида гаровда эканлиги ёки ўзи ҳам тўнтариш етакчиларидан бири бўлгани номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда The Times манбаларига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Тўнтаришга уринишга қадар етишмаётган кемалар Эгей ва Қора денгизда хизматда бўлган. Уларнинг айни пайтда қаерда эканлигини радар ёки сунъий йўлдош орқали аниқлаш мумкин бўлса-да, кемаларни портга қайтаришнинг иложи бўлмади. Кемалар ҳарбий-денгиз штаби билан алоқага чиқмагани улардан айримлари Греция портларига йўл олган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳарбий тўнтариш тарафдорлари Мармара денгизининг жанубий қирғоғидаги Гелжюк базасида F-240 TCG Yavuz фрегатини қўлга олганлиги маълум қилинганди.
Изоҳ (0)