Бразилия Президенти вазифасини бошқарувчи Мишель Темер сайёҳлар ва спортчиларга мурожаат қилиб, Рио-де-Жанейро мезбонлик қиладиган август ойидаги ёзги Олимпиада ўйинлари вақтидаги хавфсизликдан хавотир олмасликларини қайд этди.
ТАСС хабарига кўра, Бразилия Президенти лавозимини вақтинчалик эгаллаб турган Мишель Темернинг видеомурожаати Жанубий Америка мамлакатлари ҳукуматининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида душанба куни эълон қилинган.
«Мен бразилияликлар ва хорижликлар, спорчилар ва сайёҳларга яна бир бор мурожаат қилмоқчиман: Рио-де-Жанейрога ташриф буюринг. Бу ерда сиз хавфсизлик чора-тадбирлари сезиларли равишда кучайтирилганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Сиз ўзингизни хотиржам ҳис қилиб, Рио-де-Жанейронинг меҳмоннавозлигидан, гўзал табиатидан роҳатланишингиз мумкин», — деди Мишель Темер.
Аввалроқ O Globo телеканали террорчилик ташкилотлари билан алоқадор экани гумон қилинаётган 4 нафар шахснинг Олимпиада ўйинларига ташриф буюриш учун ҳаракат қилаётгани ҳақида айтиб ўтганди. Ундаги маълумотда келтирилишича, Олимпиада ўйинлари учун аккредетация олиш истагини билдирган 460 минг кишидан 40 таси ўз мамлакати махсус хизматларининг «хавотирли рўйхат»ига киритилган.
Қайд этиб ўтилган гумондаги 4 нафар шахснинг исми ва уларга қўйилаётган айблов сир сақланаётгани йўқ. Уларга Олимпиада аккредитацияси берилмади ҳамда ҳатти-ҳаракати алоҳида назоратга олинди.
Ўтган жума куни Бразилия Мудофаа Вазири Раул Жунгманн Ниццадаги терактдан кейин Жанубий Америкадаги йирик мамлакатда Олимпиада ўйинлари вақтида хавфсизлик чоралари янада кучайтирилганини айтиб ўтганди.
XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари 5—21 август кунлари бўлиб ўтади. Бу Жанубий Америка мамлакатида ташкил этилаётган биринчи Олимпиададир. Параолимпия ўйинлари эса 7—18 сентябрь кунлари ўтказилади.
Изоҳ (0)