Микропроцессорлар ишлаб чиқарувчи Intel Corp., Германиянинг Bayerische Motoren Werke AG (BMW) ва Голландиянинг Mobileye N.V. компанияси 1 июль, жума куни ўз-ўзини бошқарувчи автомобиллар ишлаб чиқиш ҳақида келишув имзолади, деб ёзади «Интерфакс».
Компаниялар маълум қилишича, улар машиналар ишлаб чиқаришни 2021 йилгача бошламоқчи. Автомобиллар берилган йўналиш бўйича ҳайдовчи иштирокисиз ҳаракатланади. Улар серқатнов шосселарга ҳам, кичик йўлларга ҳам бирдек мослаштирилади.
Mobileye автомобилга ўрнатилган датчик ва камералардан олинган маълумотларни қайта ишлаш учун дастурий таъминот яратиш билан шуғулланмоқда, маълумотлар кейинчалик ҳалокатлар олдини олиш ва ҳайдовчига кўмак бериш тизимини ишлаб чиқиш учун қўлланилади. Ушбу тизимлардан асосийси «ақлли» камера бўлиб, у йўлдаги объектларгача бўлган масофани аниқлайди, белгиларни кузатади ва тўқнашувлар олдини олиш бўйича тавсиялар беради.
Изоҳ (0)