107 нафар Нобель мукофоти соҳиблари генетик модификацияланган организмларни ҳимоя қилиб мактуб ёзди. Улар Greenpeace’нинг ГМОдан воз кечишга ундаб келаётганига норозилигини билдирди, деб хабар бермоқда «РБК».
«Биз Greenpeace ва унинг тарафдорлари бутун дунёдаги фермерлар ва истеъмолчиларнинг тажрибасини кўриб чиқишини, нуфузли илмий ва регулятор ташкилотлар хулосаларини тан олишини ҳамда умуман ГМОга ва хусусан ‘олтин гуруч’га қарши кампанияни тўхтатишини талаб қиламиз», — дейилади мактубда.
Олимларнинг таъкидлашича, дунёнинг кўп жойларида айнан биотехнологиялар туфайли ҳосилдорлик ва озиқ-овқат сифати яхшиланди.
Шунингдек, улар бу каби масалалар илмий хулосаларга зид, ҳиссиётлар ва догмаларга асосланган ёндашув билан ҳал бўлмаслигини таъкидлади.
«Олтин гуруч» — гуручнинг генетик модификациядан ўтказилган тури бўлиб, унда бета-каротин миқдори кўп бўлади. Мактубда таъкидланишича, бу маҳсулот А витамини танқислиги оқибатларини бартараф этишга ёрдам беради. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, А витамини танқислиги оқибатида ҳар йили 1–2 миллион киши оламдан ўтади.
Изоҳ (0)