Шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб турган Россиянинг «Матч ТВ» шарҳловчиси Александр Елагин UzReport TV телеканали орқали Евро–2016 мусобақасининг плей-офф босқичи ўйинларини шарҳлаб бормоқда.
«ОшМакон» футбол мухлислари клуби ҳамда UzReport TV ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда таниқли шарҳловчи «Дарё» мухбирининг ўзбек футболи билан яқиндан таниш-танишмаслиги ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди.
«Россия чемпионатида тўп сураётган ўзбек футболчиларидан Одил Аҳмедов («Краснодар») ва Виталий Денисовни («Локомотив» Москва) яхши таниман. Ҳар иккиси ўз амплуасида энг яхшилардан бири. Аммо ўзбек футболи ҳақида маълумотга деярли эга эмасман. Сабаби Ўзбекистон чемпионатини кузатмайман. Бироқ мамлакат терма жамоасининг халқаро майдондаги ўйинлари мен учун қизиқ. Осиё Кубоги ва жаҳон чемпионатларига саралаш баҳсларида Ўзбекистон термасининг натижаларини кўриб бораман», – деди Елагин.Қайд этиш керакки, Александр Елагиннинг Ўзбекистонга ташрифи биринчи марта эмас. У шу йилнинг январь ойида Тошкентга келган ва Англия Премьер-лигаси 22-туридан ўрин олган 4 та ўйинни тўғридан-тўғри эфирда шарҳлаган эди. Дастлабки ташрифи чоғида у Боткина номидаги қабристонда жойлашган «Пахтакор-79» хотира мажмуасига бориб, 1979 йили фожиали тарзда ҳалок бўлган футболчилар ва мураббийлар хотирасига ҳурмат бажо келтирган эди.
Изоҳ (0)