Европа Чемпионати нимчорак финалидаги биринчи йирик ҳисоб Германия ва Словакия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда қайд этилди.
Беллашувнинг 8-дақиқасига келиб Жером Боатенг аниқ зарбаси билан немисларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ҳимоячилар биринчи уринишда тўпни жарима майдончасидан узоқлаштирганди, Боатенг эса уни тўхтатиб ўтирмай, Матуш Козачик қўриқлаётган дарвозага тўғирлаб қўйди.
14-дақиқага келиб Месут Ўзил Словакия дарвозаси томон белгиланган пенальтидан аниқ фойдалана олмади. Унинг зарбасини Матуш Козачик қайтаришга эришди. Иохим Лёв бошчилик қилаётган жамоа катта мусобақаларда сўнгги бор 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида пенальтидан фойдалана олмаган. Ўшанда Лукас Подольскининг зарбаси аниқ бўлмаганди.
Месут Ўзил Евро—2016 старт олганидан буён пенальтини ноаниқ бажарган бешинчи футболчи бўлди. Аввалроқ Криштиану Роналду, Серхио Рамос, Александар Драгович каби футболчилар 11 метрлик зарбадан унумли фойдалана олмаган бўлса, Польша — Швейцария ўйини якунида Гранит Жаканинг зарбаси ноаниқ кетганди.
43-дақиқага келиб немислар иккинчи голни киритди. Юлиан Дракслер чап қанотда фаол ҳаракат қилиб, Марио Гомесни голли пас билан таъминлади.
63-дақиқага келиб Дракслернинг ўзи Германия терма жамоаси сафидаги расмий ўйинида биринчи голини урди. Шу вақтга қадар Юлиан ўртоқлик ўйинларида гол урган бўлиб, расмий беллашувда голлари сонини очмаганди.
Германия терма жамоаси Евро—2016 нинг чорак финалида Италия — Испания термалари ўйинига ғолибига қарши майдонга тушади.
[wpse_match id="368874" show_title=1]
Изоҳ (0)