Футбол бўйича Украина терма жамоаси бош мураббийи Михаил Фоменко истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси расмий сайти хабар берди.
Михаил Фоменко UFF расмий сайти билан интервьюда унинг олдига қўйилган вазифа бажарилмаганидан кейин терма жамоада қолиши мантиқсиз экани ҳақида фикр билдирди ва Евро—2016 даги муваффақиятсизлик учун бор айбни ўз бўйнига олди.
Яратилган шароит учун ташкилотга миннатдорчилик билдирар экан Фоменко украиналик футбол мухлисларидан уларнинг ишончини оқлай олмагани учун узр сўради.
Маълумот учун, Украина терма жамоаси Евро—2016 «C» гуруҳидаги ҳар учала ўйинда мағлуб бўлди. Қўшимчасига 270 дақиқа давомида рақиблари дарвозасига йўл топа олмади ҳамда ўз дарвозасидан 5 та гол ўтказиб юборди.
Изоҳ (0)