Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Shanxi Rural Credit Cooperatives банкининг икки раҳбари ўз ходимларининг калтакланган видеоси тақралиб кетганидан кейин ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда South China Morning Post нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Жэньминь жибао» газетаси Facebook’даги саҳифасига банк ходимларининг омма олдида калтакланган видеосини жойлаштирди.
Видео лавҳада микрофон ушлаб олган «Шанхай етакчилик академияси» мутахассиси Цзян Ян банк ходимларининг малакасини ошириш учун ўтказилган тренингдан сўнг тўрт нафар эркак ва тўрт нафар аёлни саҳнага олиб чиқиб, уларнинг тренингда паст кўрсаткичга эга бўлганининг сабабини сўради. Ходимлар эса уларга ўз вазифасини уддалаш учун халал берган омилларни санаб ўтди. Саволига жавоб олган мутахассис банк ходимларини бирин-кетин катта чизғич билан калтаклади. Аёл ходимлардан бири калтак ўта кучли бўлгани учун ўз жойидан қўзғалиб ҳам кетди.
Бундан ташқари, ўз номини сир тутган банк ходимларидан бирининг айтишича, калтаклардан ташқари тренингда ўзини яхши намойиш қила олмаган 16 нафар хизматчининг сочи қириб ташланди.
Мазкур видео тарқалиб кетганидан сўнг, Цзян Ян ўз қилмиши учун оммавий равишда узр сўради. Бироқ мутахассиснинг фикрича, бундай хатти-ҳаракатлар «онгни ошириш учун қўлланадиган энг самарали усуллардан бири».
Изоҳ (0)