Вазирлар Маҳкамасининг 13 июндаги қарорига мувофиқ, Тошкент давлат техника университети нефть ва газ факультетининг 2—3-курс талабаларининг ўқиши И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали тегишли йўналишларига кўчирилади, деб ёзади Norma. Бунда уларнинг ўқиш шакли (давлат гранти асосида ёки тўлов-шартнома асосида) сақланиб қолади.
Бакалавриатнинг 4-курс ва магистратуранинг 2-курс талабаларига ТДТУда ўз мутахассисликлари бўйича ўқишни тугатиш имконияти берилади.
Агар ТДТУ талабаси таълимни Ўзбекистоннинг бошқа ОТМларида давом эттириш истагини билдирса, бу Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
«Ўзбекнефтьгаз» МХК кўчирилаётган контингентга таълим учун тўлов шартномаси суммасидаги фарқни қоплаш бўйича чоралар кўради.
Кўчирилаётган талабаларга 2016—2017-ўқув йилида ўқув фанларидаги академик фарқни ўзлаштириб олиши учун шароитлар яратилади, рус тилини интенсив тарзда ўрганиш курслари ташкил қилинади, эҳтиёжи бўлганларга Россия давлат нефть ва газ университети ётоқхонасидан жой ажратилади.
Аввалроқ Тошкент давлат техника университети қайтадан ташкил қилиниши хабар берилган эди.
Изоҳ (0)