Францияда 10 июндан бошланадиган футбол бўйича Европа чемпионатига сафарбар этилган немис полицияси ходимларига қурол олиб юриш ҳуқуқи берилади. Хизмат қуролидан ташқари, полициячиларда газ баллончалари ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Германия расмийлари Францияга саккиз нафар полициячини жўнатиш ниятида. Улар мамлакат терма жамоаси ўйинлари давомида тажовузкор ишқибозларни кузатиб боради ва юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларни бартараф этади.
Расмийлар 16 июнь куни Парижда бўлиб ўтадиган Польша терма жамоаси билан ўйинга қўшимча кучларни юбориши эҳтимолдан холи эмас: экспертлар икки жамоа мухлислари ўртасида тўқнашувлар юз бериши мумкинлигини истисно этмаган.
Изоҳ (0)