7 июнь куни Бишкек шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукумат раҳбарлари Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда халқаро ташкилотнинг замонавий шарт-шароитларга мослашуви масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда «МДҲ иштирокчи-давлатлари аҳолиси соғлиғи» стратегияси, онкологик хасталикларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси, 2016–2020 йилларда қандли диабет профилактикаси ва уни даволаш бўйича ҳамкорлик дастури, кимёвий саноат соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси тасдиқланди.
Бундан ташқари, агробиохилма-хилликни сақлаб қолиш тўғрисидаги конвенция, МДҲ давлатлари электр энергияси объектларидаги авариялар ҳақида ахборот алмашиш ҳамда МДҲ давлатларининг радиоактив манбаларни кўчириш масалалари юзасидан ахборий ҳамкорлиги бўйича келишувлар имзоланди.
Ҳукумат раҳбарлари Кенгаши 2020 йилда аҳолини рўйхатдан ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгаши муҳокамасига киритишга келишиб олди.
Айни пайтда МДҲга Қирғизистон раислик қилмоқда. Сентябрь ойида Бишкекда ташкилотнинг 25-саммити бўлиб ўтади.
Ҳукумат раҳбарларининг кейинги йиғилиши 2016 йил 28 октябрида Беларусда бўлиб ўтади.
Йиғилишда Ўзбекистон делегациясига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилик қилди.
Изоҳ (0)