Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФАнинг май ойи учун рейтинг жадвалида 66-ўрнини сақлаб қолди. Шу тариқа Самвел Бабаян мураббийлигидаги жамоа 2016 йилнинг баҳор фаслидаги уч ой давомида 66-ўринни ҳеч кимга бермади.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 йўлидаги рақиблари — Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари Осиё қитъаси мамлакатлари орасида энг яхши икки кўрсаткични қайд этиб турибди. Бу борада Эрон дунё терма жамоалари рейтингининг 39-поғонасидан жой олган бўлса, Жанубий Корея 50-ўринга кўтарилган.
Япония ва Австралия терма жамоалари мос равишда 53 ҳамда 59-ўриндан жой олган. Кунчиқар юрт терма жамоаси апрель ойидагига қараганда 4 та ўрин тепага кўтарилган, Австралия эса 9 поғона пастга шўнғиган.
Саудия Арабистони терма жамоаси ФИФА рейтингида Осиёнинг бешинчи вакилига айланди. Ўзбекистондан бир поғона юқори — 65-ўринда бораётган Саудия Арабистони ҳисобида 545 очко бор, Ўзбекистонда эса 544.
ЖЧ—2018 саралашидаги Ўзбекистон термасининг рақибларидан Хитой — 81, Қатар — 84 ва Сурия — 101-ўриндан жой олган.
ФИФА рейтингини Аргентина терма жамоаси бошқариб турибди. Ундан кейинг ўринлардан мос равишда Бельгия, Колумбия, Германия, Чили, Испания, Бразилия, Португалия, Уругвай ва Австрия термалари бормоқда. Англия термаси эса кучли 10 таликдан чиқиб кетди.
Изоҳ (0)