Уфада «Аждодлар мероси» диний мазҳаби фош қилинди, жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс» Бошқирдистон прокуратурасига таяниб.
Уфанинг Советский туманида жойлашган секта халқ табобатини амалда қўллаган, қамчи уриш ва «шифобахш сув» ёрдамида диний маросимлар ўтказган.
Сеанслар чоғида ташкилот раҳбарлари ва аъзолари фуқароларга уларда табиблик қобилияти очилиши мумкинлигига ишонтирган, «муқаддас аждодлар руҳлари»га мурожаат қилиш кераклиги ҳамда Бошқирдистон ва Қозоғистондаги «муқаддас қадамжолар»га ташриф буюриш зарурлигини уқдирган.
Бундан ташқари, ташкилот раҳбари тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи бўйича лицензияга эга бўлмаган ҳолда ўз беморларига турли ташхислар қўйган ва уларни даволашга ваъда берган. Шу билан бирга, у беморларни касалхоналарга мурожаат қилиш ва дори ичиш фикридан қайтарган.
Ташкилотнинг ноқонуний фаолияти ҳақида прокуратурага мазҳабга берилиб кетган аёлнинг эри маълум қилган.
Изоҳ (0)