Тошкент ҳайвонот боғи реконструкция қилинади ва акванариум билан тўлдирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20 майдаги қарори (pdf) билан 2016—2020 йиллар даврида Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди, деб ёзади «Газета.uz».
Ҳужжат Тошкент ҳайвонот боғини замонавий маданий-томоша ва илмий-маърифий давлат муассасаси сифатида ривожлантириш, ҳайвонот боғи коллекциясини ноёб ва экзотик ҳайвонлар билан тўлдиришни таъминлаш, шунингдек, ҳайвонларни сақлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди.
Қарорда ҳайвонот боғи ҳудудида юқори технологияли «Акванариум» қуриш ва денгиз жониворлари ва балиқларидан иборат экспозиция яратиш; фаунистик тадқиқотларни ривожлантириш учун замонавий илмий мажмуа, шунингдек, зоология ва зоомуҳандислик лабораториялари барпо этиш; ҳайвонот боғи ветеринария шифохонасининг техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш назарда тутилган.
Шунингдек, ҳайвонот боғи ҳудудида аудио-гид хизматларини ташкил этиш, ҳайвонот боғининг найвонот дунёси тўғрисида зарур обзорли ахборотни тақдим этган ҳолда йўл кўрсатувчи — электрон харитани ташкил этиш, жумладан, ҳайвонот боғининг бутун ҳудуди бўйича электрон ахборот дисплейларини қўллаш, ҳайвонот боғи маъмурий-бошқарув биноларини кенг полосали Интернет билан таъминлаш вазифалари белгиланди.
Қарорда Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Тошкент ҳайвонот боғининг филиалларини қуриш ва Термиз шаҳри ҳайвонот боғини реконструкция қилиш кўзда тутилган.