Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Равшан Ҳайдаров миллий терманинг ЖЧ–2018 турнирига 3-саралашидаги рақиби ҳисобланган Сурия терма жамоасининг ўйинини кузатиш учун Вьетнамга учиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сурия терма жамоаси 31 май куни Ханой шаҳрида Вьетнам терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Мазкур ўйин Сурия терма жамоаси учун саралаш баҳсларидан олдин тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Бўлажак ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабида катта қизиқиш уйғотган. Шу сабабли, миллий терма жамоа катта мураббийи Равшан Ҳайдаров рақиб ўйинини кузатиш ва ўрганиш учун Вьетнамга учиб кетган. Мазкур сафарда унга терма жамоа оператори Жамолиддин Солихов ҳамроҳлик қилади.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаши «А» гуруҳи баҳсларини 1 сентябрь куни Тошкентда, айнан Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 3-саралашига тайёргарлик жараёнида 2 июнь куни Тошкентда Экваториал Гвинея терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Учрашув Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.4 июнь куни эса терма жамоа Австрияга жўнаб кетади ва 7 июнь куни Канада миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади.
Изоҳ (0)