Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Жанубий Америкада Зика вируси тарқалиши туфайли, Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Ёзги олимпиада ўйинларини бошқа муддатга ёки бошқа мамлакатга кўчириш таклифига рад жавоби берди, деб ёзади «Интерфакс».
«Бутун дунё бўйлаб 60 та мамлакатда, шу жумладан, 39 та Шимолий, Жанубий ва Марказий Америка давлатларида қайд этилган Зика безгаги билан боғлиқ ҳозирги вазият Олимпиадани кўчириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди», — дейилади ЖССТ баёнотида.
Ташкилотдагилар фикрича, Олимпиада ўйинларини кўчириш орқали касалликнинг тарқалишига сезиларли даражада таъсир ўтказиб бўлмайди.
Шунга қарамай, ЖССТ ҳомиладор аёлларга касаллик авж олган ҳудудлар, жумладан, Рио-де-Жанейрога ҳам келмасликни тавсия қилади. Зика вируси қайд этилган ҳудудларга ташриф буюрмоқчи бўлганларга репеллент (ҳашаротлардан ҳимоя қилувчи восита)лардан фойдаланиш маслаҳат берилади, чунки айнан чивинлар безгакни тарқатади.
Аввалроқ тиббиёт соҳасининг 152 мутахассиси 2016 йилги Олимпия ўйинларини Зика вируси боис Рио-де-Жанейродан бошқа ерга кўчириш ёки уни бекор қилиш сўралган хатни имзолаган эди.
Изоҳ (0)