Тошкентдаги Содиқжон Толипов ва Локомотив кўчаларини ажратиб турувчи темирйўл кесишмаси олдида юзага келган тирбандликни милиция машинаси қарама-қарши қатнов қисмига чиққани ҳолда айланиб ўтди. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида фотохабар қолдирилган.
Фотосурат ёмғирли кунда олинган, лекин айнан қайси санада олингани маълум эмас. Суратда милиция машинасининг давлат рақам белгиси кўринмаган, устидаги милтилловчи кўк ва қизил чироқлари ёниқ тургани сезилмайди.
Бу сурат мазкур темирйўл кесишмаси олдидаги тирбандлик вақтида ҳайдовчилар навбатдаги марта йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетгани ҳақидаги фотохабарга жавобан эълон қилинган. Сурат муаллифи: «Тартиб посбонларининг ўзи қоидаларга риоя этмагунича, оддий ҳайдовчилар ҳам қоида бузаверади», — қабилида изоҳ ёзиб қолдирган.
Содиқжон Толипов ва Локомотив кўчаларини ажратиб турувчи темирйўл кесишмаси олдидаги тирбандлик вақтида автомобиллар қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетгани ҳақида аввал ҳам хабар берилган, хусусан, бир сафар автобус ўз йўловчисини қарама-қарши қатнов қисмида туширгани, бошқа сафар эса Matiz поезд остида қолиб кетишига бир баҳя қолгани маълум қилинган эди.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 130-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ҳайдовчиларнинг темирйўл ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши энг кам иш ҳақининг уч баравари (20 май ҳолатига кўра — 390 720 сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.
Изоҳ (0)