Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Шерзод Матиев раҳбарлигидаги Бош прокуратура делегациясининг Хитой Халқ Республикасига тажриба алмашиш доирасида ташрифи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
ХХР Олий халқ прокуратурасида Бош прокурор Цао Цзяньмин билан бўлган учрашувда икки мамлакат прокуратура органларининг фаолиятига доир долзарб масалалар, шунингдек, идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Хитой суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан прокуратура фаолиятини такомиллаштириш, прокурорлар мустақиллигининг кафолатларини ошириш ва уларни ихтисослаштириш борасида қилинаётган ишлар билан таништирилди.
ХХР Бош прокурори ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига алоҳида тўхталиб, Хитой прокуратура органларида сўнгги йилларда АКТнинг фаол ривожланиши фаолият очиқлигини таъминлаш, таҳлил самарадорлигини ошириш, жиноят ишлари бўйича тергов ва айблов салоҳиятини яхшилашга ёрдам бериб, прокурорлар фаолиятини баҳолашга имкон яратганини таъкидлаб ўтди.
Делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида Пекин ва Шандунь провинцияси прокуратураларида ҳам учрашувлар ўтказилиб, операцион (ситуацион) марказ, прокурорлар давлат институтининг Шандунь филиали, шунингдек Шандунь провинцияси прокуратурасининг криминалистик экспертиза маркази фаолияти билан яқиндан танишилди.
Изоҳ (0)