Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги 19 май куни биринчи марта онлайн матбуот анжумани ўтказди, унда бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ОАВ вакиллари қатнашди, деб ёзади «Газета.uz».
ОАВларнинг бундай режимдаги иши Ўзбекистон давлат ҳукумати органлари томонидан ўтказилган шундай миқёсдаги биринчи тадбир бўлди. Шунингдек, бу февраль ойида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ўрнида ташкил қилинган Меҳнат вазирлиги учун илк матбуот анжумани бўлди.
Тадбирда мамлакатнинг турли бурчакларидан 330 дан ортиқ журналист иштирок этди. Уларнинг саволларига вазир ўринбосари Баҳодир Низомов бошчилигидаги вазирлик мутахассислари жавоб берди.
Вазирлик қайта ташкил қилинганидан буён амалга оширилган янги ғоялар ҳақида айтиб ўтилди. Жумладан, апрель ойида Самарқандда вакансиялар ярмаркаси ўтказилди, у ерда ишчи муҳитга ўхшатиб ясалган махсус павильонларда иш қидирувчилар иш берувчиларга ўз иш маҳоратларини кўрсатиб бериши мумкин бўлди. Бундай ярмарка 22—23 май кунлари Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида ҳам ўтказилади.
Бундан ташқари, Тошкентда KOICA (Ҳамкорлик бўйича Корея халқаро агентлиги) билан ҳамкорликда Меҳнат вазирлиги тизимида профессионал таълим маркази очилди. Шундай марказларни Самарқанд, Шаҳрисабз, Урганч ва Қўқонда ҳам очиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)