Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Осиё сузиш федерацияси (AASF) Бош директори Таха Ал-Кишри кеча, 18 май куни Ўзбекистон сузиш федерацияси раҳбари, сенатор Қувондиқ Санакулов ҳамроҳлигида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.
Осиё сузиш федерацияси Бош директори даставвал қўмита музейида бўлиб, бу ерда ўрнатилган турли экспонатлар, кубок ҳамда медалларни кўздан кечирди. Шундан сўнг, Таха Ал-Кишри Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида бўлиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф чоғида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Ўзбекистон сузиш федерацияси раҳбарияти Осиё сузиш федерацияси Бош директори билан музокаралар ўтказди.
Ташриф сўнггида Осиё сузиш федерациясининг делегациясига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон сузиш федерациясининг эсдалик совғалари топширилди.
Осиё сузиш федерацияси Бош директори Таха Ал-Кишри бошчилигидаги делегация Тошкентда фаолият кўрсатаётган сузиш ҳавзаларида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 19–20 май кунлари эса Осиё сузиш федерациясининг делегацияси Самарқанд шаҳрида бўлиб, у ерда барпо этилган сув спорти иншоотларини кўздан кечиради.
Изоҳ (0)