Бортда содир бўлган портлаш Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясига тегишли A320 авиалайнерининг ҳалокатига сабаб бўлгани эҳтимоли юқори. Бу ҳақда, CNN’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Телеканалнинг АҚШ расмийларига таяниб билдиришича, ҳалокат шарт-шароитлари бортда теракт содир этилганини кўрсатмоқда.
Илгарироқ АҚШ разведкаси ҳалокатнинг асосий сабаби сифатида терактни кўраётгани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, Миср фуқаролик авиацияси вазири Шариф Фатҳий террорчилик ҳужуми ақлга келаётган биринчи эҳтимол эканлигини тан олганди.
Париждан Қоҳирага учаётган самолёт Греция ҳаво ҳудудига киргандан 20 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлди. MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бор эди. Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
«Маядин» телеканали, EgyptAir авиакомпаниясидаги манбасига таяниб, самолёт Ўрта Ер денгизига қулаганини билдирганди.
Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги EgyptAir компаниясининг A320 самолёти ҳалокатга учраганини расман тасдиқлади.
Изоҳ (0)