АҚШ ҳарбийлари дунёда биринчи бўлиб жанговар лазер иштирокида ҳарбий машғулотлар ўтказди. Оклахомадаги «Форт-Силл» базасида реал шароитлар имитация қилиниб, HELMTT қурилмаси дронлар, артиллерия снарядлари ва миналарни йўқ қилиш учун қўлланди. Бу ҳақда «Hi-Tech.Mail.ru» хабар бермоқда.
11–19 апрель кунлари ўтказилган машғулотлар ҳақида яқиндагина маълум қилинди.
Қурилманинг қуввати 10 киловаттни ташкил этди. Унинг бошқа техник тавсифлари ошкор этилмаяпти. Ускуна кичик дронлар ва артиллерия снарядлари, шунингдек, миномёт миналарини йўқ қилишда муваффақият қозонгани айтилмоқда.
АҚШ ҳарбийлари 2017 йилга қадар мобил ҳарбий лазер қувватини 20 киловаттга, 2020 йилга қадар эса 100 киловаттга етказишни режалаштирмоқда. HELMTT’ни ишлаб чиқариш устида Boeing компанияси ишлади.
Илк лазерлар АҚШ армиясида 2023 йилдан қўлланилиши кутилмоқда. Уларнинг асосий вазифаси — ҳарбий объектларни ракеталар, снарядлар ва миномётлардан ҳимоя қилиш.
Изоҳ (0)