Астрахан вилоятининг Красноярск туманида яшовчи Танзиля Бисембеева дунёдаги энг кекса одам сифатида тан олинди. У 120 ёшга етган дунё тарихидаги иккинчи инсон саналади. Бу ҳақда Россия рекордлар китоби сайтида маълум қилинган, дея хабар беради «ТАСС».
Туманнинг ОАВ билан алоқалар бўйича мутахассиси Эльмира Узмагамбетованинг маълум қилишича, астраханлик аёл шу йилнинг 14 мартида 120 ёшга тўлган.
«Танзиля Насихановна 19-аср охири — 1896 йилда дунёга келган. Тўрт фарзандни тарбиялаб, вояга етказган, ҳозирда ўн набира, 13 эвара, икки чевараси бор. Онахон айни пайтда кичик ўғли Шинтемир Мусагалиевич ва келини Асима Туяновна билан бирга яшайди», — дея ҳикоя қилган Узмагамбетова.
Россия рекордлар китобига кўра, барча замонларнинг энг кекса кишиси сифатида 122 йил умр кўрган франциялик Жанна Луиза Кальман эътироф этилган.
Қайд этиш жоиз, бундан аввал жаҳоннинг энг кекса инсони Ўзбекистонда истиқомат қилгани айтилган эди (бироқ халқаро миқёсда расман тан олинмаган) — 1880 йили туғилгани таъкидланган Тўти Юсупова 2015 йил баҳорида, 135 ёшида вафот этганди.
Изоҳ (0)