Норвегиядаги Хальден Фенгсель дунёдаги энг инсонпарвар қамоқхона ҳисобланади. У 250 маҳбусга мўлжалланган. Уларнинг ярми жиддий жиноятларга — қотиллик, ҳужум, зўравонлик — қўл урган. Маҳбусларнинг учдан бир қисми гиёҳванд моддалар истеъмол қилгани ёки сотгани учун ўтирибди. Қамоқхонадан асосий муддао — бу одамларни тузатиб, нормал ҳаётга қайтариш, деб ёзади «Flytothesky.ru».
Ҳар бир камерада тўшак, кичкина музлаткич, китоб жавони, телевизор, стол-стул, алоҳида ванна хонаси (душ, ҳожатхона ва қўл ювиш чаноғи билан) бор. Ҳудудда маҳбуслар учун дўкон ишлайди, у ердан овқат тайёрлашга керакли маҳсулотлар харид қилинади.
Шунингдек, маҳбуслар хизматида яхши жиҳозланган Criminal Records овоз ёзиш студияси, боғ, ибодат хонаси, спорт зали, ўқув машғулотлари хонаси, кутубхона, компьютер зали, меҳмон қабул қилиш хонаси ва кўплаб бошқа нарсалар бор. Муддатини ўтаётган маҳбус таълим олиши учун барча шароитлар яратилган.
Кузатувчилар маҳбуслар билан доимий равишда мулоқотда бўлиб, улар билан биргаликда қўшма тадбирларда, масалан, волейбол ўйинида ёки чойхўрликда иштирок этади.
Кўпчилик бу қамоқхонани оғир жиноятлар содир этган кишилар учун ортиқ даражада ҳашаматли деб ҳисоблайди. Аммо қамоқхона бошлиғи қасос ҳеч қачон яхши натижага олиб келмаслигини таъкидлайди. Муддат ўташдан асосий мақсад — маҳбуслар жамиятга қўшила олсин, рисоладагидек ҳаёт нима эканлигини ҳис этсин ва эски одатларига қайтмасин, деб тушунтиради у.
Статистика унинг сўзларини тасдиқлайди: Норвегияда илгари қамоққа тушиб, у ерга яна қайтадиганлар улуши умумий ададдан 20 фоизни ташкил этади. Бошқа давлатларда бу кўрсаткич бир неча баробарга юқорироқдир.
Изоҳ (0)