Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси — «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» маҳаллий ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда замонавий интенсив олма боғларини яратиш борасида амалий қўлланма яратди. Ўзбекистон фермерлари орасида шу мавзуда тренинглар ўтказиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради «Газета.uz».
Олмалар Ўзбекистондаги барча боғларнинг 44 фоиз майдонини қоплайди. 261,8 минг гектар ердан 120,5 минг гектарини пўчоқ уруғли дарахтлар эгаллаган, шулардан 95 фоизи олмалардир. Олманинг кенг тарқалиши унинг турли шароитларга юқори мослашувчанлиги, серҳосиллиги, меванинг фойдали хислатлари ҳамда тижорий қиймати билан тушунтирилади.
Олма етиштириш бўйича қўлланма интенсив боғлар яратишнинг самарадор технологиялари ҳақидаги маълумотларни ўзида мужассам этади. Фермерларга ёрдам тариқасида брошюрада 1 гектар ҳудудда олмазор яратиш бўйича бизнес-режа келтирилган.
Қўшимча равишда олманинг асосий навлари, касаллик ва зараркунандалар ҳамда уларга қарши кураш йўллари ҳақида карточкалар ишлаб чиқилди. Иллюстратив карточкаларни ҳар доим чўнтакда олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш имконияти бўлади.
Брошюра Sasol компанияси ваколатхонаси ҳамда Германия иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федератив вазирлигининг «Ўзбекистон Республикасининг алоҳида минтақаларида иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш» (GIZ) лойиҳаси молиявий кўмагида чоп этилади. Материаллар ўзбекистонлик фермерлар орасида бепул тарқатилади.
Изоҳ (0)