Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ITF туркумига кирувчи, соврин жамғармаси 10 минг АҚШ долларидан иборат Shymkent Open теннис турнирининг асосий тўр баҳслари старт олди. Унда бир қатор ўзбекистонлик теннисчилар ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказяпти, деб хабар беради «Оламспорт».
Мусобақанинг биринчи ракеткаси сифатида таснифланган ўзбекистонлик Сабина Шарипова илк даврада мезбонлар вакиласи Арина Талуэнкони ортиқча қийинчиликсиз 6:1, 6:1 ҳисобида мағлуб этди. Сабинанинг иккинчи босқичдаги рақибаси россиялик Екатерина Казионова бўлади.
Яна бир ўзбекистонлик истеъдодли теннисчи Арина Фольц эса россиялик Нонна Кургиняндан 6:2, 6:4 ҳисобида устун келди. 19 ёшли Арина иккичи даврада Карине Саркисова (Россия) ҳамда Илона Кремень (Беларусь) учрашуви ғолибига қарши кортга чиқади.
Бугун, 26 апрель куни ўзбекистонлик теннисчилардан Комола Умарова ва Лайло Баҳодирова турнирдаги илк учрашувини ўтказади.
Маълумот ўрнида, Сабина Шарипова 11–17 апрель кунлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган, мукофот жамғармаси 50 минг долларга тенг ITF туркумидаги теннис турнирининг ярим финалига қадар етиб борган эди.
Изоҳ (0)