Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида Тошкентнинг Содиқжон Толипов ва Абдурауф Фитрат кўчаларини ажратиб турувчи темирйўл кесишмасида поезд ўтишини қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кутаётган Spark’ларнинг суратлари эълон қилинди.
Гуруҳ фойдаланувчилари бундай ҳолатлар шунга ўхшаш темирйўл кесишмаларида тез-тез юз бериб туришини қайд этган. «Ҳатто бир сафар машинасига ‘Водители Ташкента’ гуруҳи ёрлиғи ёпиштирилган машина ҳам қоидани шундай бузганига гувоҳ бўлган эдим», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
Аввалроқ айнан шу кўчадаги тирбандлик вақтида автобус ўз йўловчиларини йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмида туширгани ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси 2-қисмига кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши энг кам иш ҳақининг 10 баравари (19 апрель ҳолатига кўра — 1 302 400 сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади.
Изоҳ (0)