Португаляи маданият вазири Жоау Соареш Facebook’даги постинг туфайли истеъфога чиқди. Бу ҳақда, The Wall Street Journal нашрига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Ушбу постингда вазир унинг фаолиятини танқид остига олган икки журналистни топиб, уларга «шифобахш» тарсаки тушириш ниятини билдирган.
Кейинроқ Соареш бу сўзлари учун узр сўради. Шунга қарамай, мамлакатда уни истеъфога чиқаришга бўлган чақириқлар тўхтамади. Португалия бош вазири Антониу Кошта Соарешнинг сўзлари учун яна бир бор узр сўраб, идора раҳбарлари ҳукумат вакиллари эканликларини унутмаслиги лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, у тез орада маданият вазирлигига муносиб номзод топишга ваъда берди.
Соарешнинг сўзлари Publico газетасининг икки шарҳловчиси — Аугусту Сеабре ва Вашку Пулиду Валентеларга йўналтирилган эди. Ўтган ҳафта Сеабре мақолаларидан бирида Португалия маданият вазири ўз вазифаларини бажаришга етарли малакага эга эмаслигини ёзган эди. Бундан ташқари, у Соареш юритаётган сиёсатни «таниш-билишчилик, такаббурлик ва қўполлик» сифатида баҳолаганди.
Валенте эса Соарешни на инсон, на сиёсатчи сифатида ҳурмат қилмаслигини таъкидлаб ўтган эди.
Изоҳ (0)