Бугун, 6 апрель куни актриса Асал Шодиева туғилган кунини нишонламоқда. Шу муносабат билан актрисанинг таниш-билишлари, дўстлари ва мухлислари уни ижтимоий тармоқлар орқали туғилган кун билан табрикламоқда, деб ёзади «Даракчи.uz».
Хусусан, хонанда Шоҳруххон ўз саҳифасига Асал билан тушган янги расмини жойлаштириб, уни «Жиддий кун билан!» дея изоҳлади. Фойдаланувчилар изоҳларда сурат хонанда ва актрисанинг тўйдан олдинги фотосессиясига тегишли эканлигини тахмин қилган. Шоҳруххон бу мавзудаги саволларни ҳозирча очиқ қолдирмоқда, дейилади хабарда.
Асал Шодиеванинг ўзи ҳам Instagram’даги саҳифасига янги сурат жойлаб, уни «Бизда янги фотосуратлар» дея изоҳлади. «Даракчи.uz» таъкидлашича, бу сурат Шоҳруххон билан тушган сурат билан бир вақтда ишланганини пайқаш қийин эмас.
«Уларни суратга олган Sadikovphotography’нинг асосан тўй учун фотосессиялар ўтказишини инобатга олсак, интернет фойдаланувчиларининг хонанда ва актриса тўйдан олдинги фотосессияни ўтказишгани ҳақидаги тахминлари ўз тасдиғини топади», — дея ўз «тадқиқоти»га хулоса ясади нашр.
Шоҳруххон ва Асал Шодиева унаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалганига бир йилдан ошди, бироқ хонанда ҳам, актриса ҳам ушбу хабарларни изоҳсиз қолдирганди.
Изоҳ (0)