Хонанда Али Отажонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида: «Бир бола Отажоновлар номидан фойдаланиб, Озодбек Назарбековнинг концертига сохта чипта сотиб юрган экан, ундан эҳтиёт бўлинглар», деган мазмунда хабар қолдирди. Гап нима ҳақида кетаётганига аниқлик киритиш мақсадида журналист Феруз Муҳаммад хонанда билан боғланди.
«Одамлар бир-икки телефон қилиб, ‘Отажоновларнинг номини сотиб, сохта билет сотиб юришибди’, деб айтишди. Бир бола: ‘Мен Ортиқ Отажоновнинг неварасиман, Али Отажоновнинг укасиман, исмим Нодир съёмкага боришим керак, ишим чиқиб қолди, арзон билетларимиз бор’, дея сохта билетлар сотиб юрган экан», — деди Али Отажонов.
«У нафақат Озодбек Назарбековнинг концертига, бошқа концертга ҳам сохта билет сотганини эшитганман. Мен бу болани ҳали топганим йўқ, топган тақдиримда ҳам озгина гапиришим, тушунтиришим мумкин. Мақсадим, у болани ёмонлаб, орқасидан гапириш эмас, балки оддий халқ жабрланмасин, алдовга қолмасин, дейман. Отажоновларнинг ичида чиптафурушлар йўқ, ҳаммасининг ўзига яраша иши бор», — дея қўшимча қилди хонанда.