Хонанда Муниса Ризаева 3 апрель куни дугонаси ва унинг ўғли билан сайр қилди. Бу ҳақда хонанда Instagram’даги саҳифасида фотохабар қолдирган, деб хабар бермоқда «Даракчи.uz».
Хонанда ижтимоий тармоққа жойлаган суратда тиззасида ёш бола билан автомобиль рулини ушлаб турганини кўриш мумкин. «Бугун биз кичкинтой билан ёмғир остида сайр қиляпмиз», — дея сурат остига хонанда томонидан изоҳ қолдирилган.
Сурат Instagram фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир бола билан машина бошқаришни қоралаган бўлса, бошқа фойдаланувчилар болакайнинг кимлигига қизиққан. Муниса Ризаева аксарият саволларга жавоб қайтарган.
Жумладан, хонанда болакайнинг кимлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан: «Бу дугонамнинг ўғли. Ҳали турмушга чиқмаганман, шундай экан, бу бола қандай қилиб менинг ўғлим бўлиши мумкин?!», — деб ёзди.
Муниса Ризаеванинг рулда болакай билан ўтиргани билан боғлиқ ҳолатга суратдаги боланинг онаси жавоб берган. Унинг айтишича, суратга олинган пайтда машина тўхтаб турган. Шунингдек, у одамлардан бағрикенгроқ бўлишни сўраган.