Таиланд жанубида содир этилган теракт оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳат олди. Бу ҳақда, Reuters агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Мамлакат қуролли кучлари берган ахборотга қараганда, тунги соатларда Яринг муниципал туманида камида ўнта портлаш амалга оширилган. Қўлбола портловчи ускуналар банк, почта, туман маъмурияти бинолари олдида ва бошқа жойларда ҳаракатга келтирилган. Ҳужум оқибатида 11 нафар патруль ходими яраланган, бир нафар тинч аҳоли вакили эса сартарошхона яқинидаги портлашда ҳалок бўлган.
«Барча ускуналар кичик қувватга эга эди. Афтидан, шу йўл билан айирмачилар маҳаллий аҳолига ўзларининг борлигини эслатиб қўймоқчи бўлган», — деди мамлакат тўртинчи ҳарбий округи қўмондонлиги матбуот котиби ўринбосари Йутханам Пхетмуанг.
Таиланднинг Яла, Паттани ва Наратхиват провинциялари «чекка жануб» деб аталади. У ердаги қуролли ихтилоф 11 йилдан бери давом этмоқда. Таиланддан ажралиб чиқиб, исломий султонлик ташкил этиш тарафдори бўлган айирмачи гуруҳлар ўзлари давлат мафкураси тарғиботчилари деб ҳисоблайдиган полиция ходимларига, ҳарбий хизматчиларга ва ўқитувчиларга мунтазам равишда ҳужумлар уюштиради. Шу пайтга қадар терактлар ва тўқнашувларда жами 6,5 минг киши қурбон бўлди.
Изоҳ (0)