ИШИД террорчилари Европадаги аэропортлар ва темир йўл вокзалларидаги терактларни икки ой давомида режалаштирган. Бу ҳақда Associated Press Ироқ разведкасидаги манбасига таяниб хабар бермоқда, деб ёзади «РБК».
Ироқ разведкасидаги юқори лавозимли амалдор маълум қилишича, ИШИД терактларни икки ой аввал Раккада режалаштиришни бошлаган. У, шунингдек, «бошқа бир ҳужумни тайёрлаётган уч худкуш» борлигини маълум қилди. У тафсилотларга тўхталмади.
Манба сўзларига кўра, ироқлик мансабдорлар европалик ҳамкасбларини террорчиларнинг режалари ҳақида огоҳлантирган, аммо ўша вақтда Брюссель «ушбу режаларнинг бир қисми бўлмаган».
Эслатиб ўтамиз, 22 март, сешанба куни Брюссель аэропорти ва метросида содир бўлган бир неча портлаш натижасида сўнгги маълумотларга кўра 34 киши ҳалок бўлди, 200 дан зиёд киши жароҳатланди. Кейинроқ ИШИД террорчилик ташкилоти ушбу портлашлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)