Брюссель аэропортида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари муносабати билан Париж, Франкфурт ва Амстердам шаҳарлари аэропортларида божхона назорати кучайтирилди. Бу ҳақда Европа матбуотидаги хабарларга асосланиб, «Интерфакс» ёзмоқда.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматлари Брюссель воқеалари муносабати билан фавқулодда йиғилишлар ўтказиши, уларда хавфсизлик чораларини ошириш масаласи кўриб чиқилиши айтилмоқда.
Хусусан, бир муддат илгари Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ҳукуматнинг фавқулодда йиғинини чақиргани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Франция президенти Франсуа Олланд Елисей саройида мамлакат бош вазири Манюэль Вальс, ички ишлар вазири Бернар Казнёв ва мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан билан фавқулодда маслаҳатлашувлар ўтказиши кутилмоқда.
Шунингдек, Бельгия ички ишлар вазири Ян Ямбон кун давомида Бельгия хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилиши ўтказилишини хабар қилди.
22 март, сешанба куни маҳаллий вақт билан 8:00 атрофида Брюсселнинг «Завентем» аэропортида икки портлаш юз берди, орадан бироз вақт ўтиб, Брюссель метросида ҳам портлаш юз бергани ҳақида хабар берилди.
Изоҳ (0)