Хитойнинг Чжухай шаҳрида гравитация тўлқинларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази қурилиши учун биринчи ғиштни қўйиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади «ТАСС». Инвестицияларнинг умумий ҳажми 15 миллиард юан (тахминан 2,3 миллиард доллар)ни ташкил этади.
«Тяньцинь» деб ном олган лойиҳа 30 минг квадрат метр майдонли тадқиқот обсерваторияси ва яна 10 минг квадрат метрли товушдан изоляция қилинган лаборатория қурилишини ўз ичига олади.
«Тяньцинь» дастури 15—20 йил давомида тўртта босқичда амалга оширилади: у коинотга учта юқори орбитал йўлдошларни учиришни кўзда тутади, уларнинг вазифаси гравитация тўлқинларини аниқлашдан иборат бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Миллий фан жамғармаси гравитация тўлқинларининг мавжудлиги исботи бир вақтнинг ўзида икки – Луизиана ва Вашингтон штатларидаги обсерваториялар томонидан 2015 йилнинг 14 сентябрь куни қўлга киритилганлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)