Беларусда «Трайпл» компаниялар гуруҳи асосчиси ва раҳбари Юрий Чиж қўлга олинди. Бу ҳақда «Tut.by» порталига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Даставвал Чижнинг қўлга олиниши ҳақида портал фойдаланувчилари хабар қилди. Айтилишича, «Трайпл»нинг Минскдаги офиси яқинида микроавтобуслар бўлиб, уларнинг яқинида қора кийинган одамлар турган. Сўнг ниқобли гуруҳ офисга кирган.
«Tribuna.com» нашрининг маълум қилишича, «Трайпл» қаторида, Чижга тегишли «Динамо» футбол жамоаси офисида ҳам тинтув ўтказилган.
Чиж илгари Беларусь президенти Александр Лукашенконинг даврасига яқин ишбилармон ҳисобланарди, аммо «Трайпл» бўйича шериги Владимир Япринцевнинг қўлга олинишидан сўнг унда ҳам муаммолар бошланди. Воқеа иштирокчиларига яқин манбалардан бирининг маълум қилишича, тинтув ва бошқа хатти-ҳаракатлар давлат раҳбарининг рухсатисиз амалга оширилмаган.
Шу билан бирга, Чижнинг мавқеи ҳозирча жуда юқорилиги ва яқин орада вазият яхшиланиши айтилмоқда.
Изоҳ (0)