Россия ташқи ишлар вазирлиги собиқ матбуот вазири, Россия президенти собиқ маслаҳатчиси Михаил Лесиннинг АҚШдаги вафоти сабаблари ҳақидаги ахборотнинг тўғрилигини расман тасдиқлади, ва Вашингтондан иш бўйича маълумот тақдим этишни сўрамоқда. Бу ҳақда ТИВ вакили Мария Захарованинг баёнотига таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
«Мен ОАВларда АҚШдаги масъул вакиллар ва тергов вакилларига таянган ҳолда пайдо бўлган хабарларни кўрдим, уларда Россия фуқароси ўлимини келтириб чиқарган сабаблар ҳақида аниқ ва анча пухта маълумотлар топилгани айтилади... Биз текшириб кўрдик, ушбу хабарлар рост бўлиб чиқди», — деди Захарова.
Россия бош прокурори Юрий Чайка АҚШ бош прокурори — адлия вазири Лоретта Линчга Лесиннинг ўлими ҳақидаги иш бўйича ҳужжатларни тақдим этиш ҳақида сўров жўнатди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси матбуот ишлари бўйича собиқ вазири Михаил Лесин 2015 йил 5 ноябрда Вашингтонда вафот этган эди. 5 ноябрь куни эрталаб у тўхтаган шаҳар марказидаги «Дюпон сёркл» меҳмонхонаси хизматчиси уни ўлик ҳолда топган.
2016 йил мартида эса АҚШ суд-тиббий экспертизаси Россия матбуот ишлари собиқ вазири Михаил Лесиннинг бошига етказилган жароҳатлар унинг ўлимига сабаб бўлган деган хулосага келгани хабар қилинди.
Изоҳ (0)