Эртага, 2 март куни Осиё Чемпионлар Лигасининг «D» гуруҳи 2-тури доирасида Қаршининг «Насаф» жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» футболчиларини қабул қилади. Ушбу ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва ҳимоячи Мақсуд Каримов иштирок этди, деб хабар беради «Voha.uz».
– Барчани футбол байрами бошланиши билан табриклайман. Эртанги ўйинга келадиган бўлсак, рақибимиз жуда кучли, аммо ўтган ўйинни кўрган бўлсангиз, бу жамоа билан ўйнаса бўлади. Шунинг учун ушбу ўйинга пухта тайёргарлик кўрдик ва ўйлайманки, яхши натижани қўлга киритамиз, — дейди Рўзиқул Бердиев.
– Нега ўтган ўйинда айрим ўйинчилар майдонга тушмади?
– Черногориялик легионеримиз Деян Больевичнинг скаутлари бизга етарли ҳужжатларни ўз вақтида етказиб бера олмагани учун, у ОФК қайдномасига киритилмади. Сайдулло Раҳматовнинг эса виза масаласида муаммолари пайдо бўлди. Бунга жамоамиз маъмурларининг сусткашликка йўл қўйгани сабаб бўлди. Баҳром Абдураҳимовга келсак, ўзингизга маълум, унинг ўтган мавсумда олган қизил карточкаси бор эди ва шу туфайли у ҳам майдонга тушмади. Эртага биз Сайдуллонинг ҳам Баҳромнинг ҳам хизматидан фойдаланишимиз мумкин.
«Насаф» клуби ҳимоячиси Мақсуд Каримов ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди.
– Насиб қилса, эртага мухлисларни хурсанд қилиш учун майдонга тушишга тайёрмиз. Ўн иккинчи ўйинчи вазифасини ўтаб берадиган мухлислардан умидимиз катта, — дейди Мақсуд Каримов.
– Мақсуд, ўтган ўйинда «Насаф» ҳар икки бўлимнинг бошида гол ўтказиб юборди. Бунга сабаб нима?
– Мураббийлар доимо бизга ўйин бошида ҳам, ўйин давомида ҳам ҳушёрликни йўқотмасликни тайинлайди. Албатта, бу голларда биз ҳимоячиларнинг ҳам айби бор, ўша вазиятларда диққатимизни йўқотгандик. Ўйлайманки, бу ҳолат энди такрорланмайди.
«Насаф» — «Ал-Аҳли» учрашуви эртага, 2 март куни Қаршидаги «Марказий» стадионида, Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ–2016 гуруҳ босқичининг 1-турида «Насаф» сафарда «Ал-Аҳли» меҳмони бўлиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди.
Изоҳ (0)