«Манчестер Юнайтед» жамоаси ҳужумчиси Маркус Рэшфорд бир неча кунлардан буён инглиз нашрларнинг биринчи саҳифасидан жой олмоқда. Душанба куни эса у ҳеч нарса бўлмагандек яна мактабга қайтди, деб хабар беради «ManUtd.ru».
18 ёшли ҳужумчи 1476 ўқувчи қатнайдиган «Эштон-он-Мерси» мактабида таҳсил олади. У мактабга футбол ўлвочлари бўйича камтарона ҳисобланган Audi A3 машинаси ва «Манчестер Юнайтед»нинг спорт кийимида ташриф буюрди.
«Маркус – оғир ва босиқ йигит. У таълим олиш қанчалик муҳим эканини яхши билади. Маркус ‘Арсенал’ дарвозасига 10 та гол урганида ҳам, бу унинг мактабдан қолишига сабаб бўлмасди. Бир ҳафта аввал у ‘Манчестер Юнайтед’нинг асосий таркибида ҳам ўйнамаганидан хабаримиз бор. ‘Олд Траффорд’ни бежизга ‘Орзулар театри’ дейишмайди. У босиқ бўлишига қарамай, ‘Арсенал’га қарши кечган ўйинда энг яхши футболчи бўлиб, мактабга қайтиши ғалати бўлса керак», — деб Рэшфорднинг ўқитувчиси сўзларидан иқтибос келтиради The Sun нашри.
Қайд этиш жоиз, «Эштон-он-Мерси» мактабининг ҳомийларидан бири «Манчестер Юнайтед» ҳисобланади. Ушбу таълим муассасасида «Манчестер Юнайтед» сафида тўп сурган Даррен Флетчер, Дэнни Уэлбек ва Жонни Эванс таҳсил олган.
Эслатиб ўтамиз, Маркус Рэшфорд «Мидтьюлланд»га қарши (5:1) Европа Лигаси 1/16 финал жавоб ўйинида ҳамда «Арсенал»га қарши (3:2) Англия чемпионати 27-турида дубл қайд этишга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)