Эртага, 1 март куни Осиё Чемпионлар Лигасининг «B» гуруҳи 2-тури доирасида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ан-Насср» футболчиларини қабул қилади. Ушбу учрашув олдидан матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар беради «Бунёдкор» клуби матбуот хизмати.
Матбуот анжуманида дастлаб «Бунёдкор» устози Сергей Лушчан бўлажак ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Ўйлайманки, «Ан-Насср»га қарши яхши ўйин бўлади. Йигитлар ўйинга юз фоиз тўлиқ тайёр. Мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Албатта, дастлабки ўйиндаги 3:1 ҳисобини қандайдир 12 дақиқа ичида дурангга алмашиш аламли. Ўша ўйин учун футболчиларнинг ҳеч бирига эътироз билдира олмайман. Чунки ҳамма қўлдан келганича ҳаракат қилди. Тошкент сафари олдидан «Ан-Насср» ўзининг етакчи футболчиларига дам берди. Улар асосан иккинчи таркиб билан ҳаракатланиб, «Ал-Ваҳда» билан дуранг қайд этди. Фикримча, улар бизга қарши катта куч билан ўйнайди. Бизнинг ўз ўйин услубимиз бор ва эртага ҳужумкор футбол кўрсатамиз. Йигитлар масъулиятни ҳис этиб туришибди ва бор маҳоратини ишга солишга тайёр. «Ан-Насср»га қарши баҳсда Юрица Булят асосий таркибда майдонга тушиши ҳам мумкин. Бироқ, у бугунги кунда ўйинга тўлиқ тайёр эмас. Нима бўлишини эртага кўрамиз. Дарвозабонларга ҳам ишонаман. Ҳа, улар қаердадир хато қилади, лекин, кўп вазиятларда жамоани қутқаради ҳам. Шунингдек, ҳужум чизиғидаги Насимов ва Нурматов тандемига ҳам ишонч билдираман. Уларнинг бири «Ан-Насср»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлаши мумкин, — дейди Сергей Лушчан.
«Бунёдкор» устозининг билдирган фикрларидан сўнг клуб ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродов «Ан-Насср»га қарши ўйин борасида оз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Баҳсга жуда яхши тайёргарлик олиб бордик. «Ан-Насср» билан ўйинда фақат ғалабани ўйлаб майдонга тушамиз. Машғулотларда жиддий ишлаяпмиз. Ҳар қандай вазиятни голга айлантиришга ҳаракат қиламиз. Имкон қадар кўпроқ гол уришга ва мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз, — дейди Элдор Шомуродов.
«Бунёдкор» — «Ан-Насср» учрашуви эртага, 1 март куни «Бунёдкор» стадионида, Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади. Учрашувни малайзиялик ҳакамлар гуруҳи бошқаради.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ–2016 гуруҳ босқичининг 1-турида «Бунёдкор» Саудия Арабистонида «Ан-Насср» меҳмони бўлиб, 3:3 ҳисобида дуранг қайд этганди
Изоҳ (0)