Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролига бағишланган семинар бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда парламент аъзолари, вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматлари вакиллари, олимлар, журналистлар иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатда 1400 дан кўпроқ оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда. Уларнинг олтмиш фоизга яқини нодавлат оммавий ахборот воситаларидир. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот манбалари ҳам йилдан йилга такомиллашмоқда.
2014 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.
Семинар иштирокчилари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги бўйича мониторинг олиб бориш ва унинг баҳолаш усуллари билан таништирилди.
– Қонунчилигимизга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлик бўйича вазифаларни амалга ошириш даражасини баҳоловчи «очиқлик индекси» эълон қилиб борилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев. – Бу жараёнда рейтинг баҳолашни ташкил этишда давлат органларининг оммавий ахборот воситалари, фуқаролик институтлари билан ҳамкорлиги алоҳида мезон этиб белгиланди.
Изоҳ (0)