Швейцария икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар узилгани сабабли Саудия Арабистони манфаатларини Эронда ва Эрон манфаатларини Саудияда ифода этади. Мамлакат ташқи ишлар вазири Дидье Буркхальтернинг Ар-Риёдга ташрифи чоғида бу борада келишувга эришилди, дея хабар беради «ТАСС».
Вазир ташриф давомида мамлакат раҳбари Салмон ибн Абдулазиз ва ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр билан учрашди ва уларни Саудия Арабистонида Теҳрон манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан Эроннинг илтимоси ҳақида хабардор қилди. Шунингдек, Швейцариянинг икки мамлакат билан ҳам яхши муносабатлари ва минтақада барқарорликни таъминлашга интилишини инобатга олиб, Саудия Арабистонига Ар-Риёд манфаатларини Теҳронда ифода этишни таклиф қилди.
Музокаралар якунланганидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида Одил ал-Жубайр икки давлат ўртасида воситачиликни зиммасига олаётгани учун Швейцария расмийларига миннатдорчилик билдирди ва Саудия ушбу таклифни қабул қилишини билдирди.
Изоҳ (0)