АҚШ президенти Барак Обама 9 февраль, сешанба куни октябрдан бошланадиган келгуси бюджет йили учун 4 триллион доллардан зиёд миқдордаги федерал харажатлар режасини тақдим этди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Обама атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, транспортни ривожлантириш харажатларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги, коинот тадқиқотлари ва Давлат департаментига сарфландиган маблағларни эса, аксинча, қисқартиришни таклиф қилди. Шунингдек, ИШИДга қарши кураш учун харажатларни 50 фоизга ошириш, жумладан, 45 минг дона GPS ёрдамида бошқариладиган «ақлли бомба»лар сотиб олишни таклиф этган.
Президент режасига нефть баррели учун солиқ ҳам киритилган. «Биз экспорт ва импорт қилинадиган нефть баррели учун солиқ жорий этишни кўзлаяпмиз. Бундан келадиган даромаднинг бир қисмини транспортга, яна бир қисмини фундаментал тадқиқотлар ва келажак энергияси манбалари учун зарур бўлган технологияларга йўналтириш мумкин», — дея таъкидлаган Обама.
Республикачилар томонидан назорат қилинадиган конгресс президент таклиф этаётган ташаббусларнинг аксарияти амалга ошишига йўл қўйилмаслигини билдирмоқда.
Изоҳ (0)