Калининград яқинида товар поезди енгил автомобиль билан темирйўлни кесиб ўтадиган жойда тўқнашиб кетди. Автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВнинг минтақавий бошқармасига таяниб, «ТАСС» хабар қилмоқда.
Озерки посёлкасида яшовчи 63 ёшли эркак тақиқловчи сигналга қарамай, темирйўлни кесиб ўтишга ҳаракат қилган. Поезд тўхташга уринганига қарамай, автомобилга урилган ва уни 700 метрга суриб борган. Ҳайдовчи ва машинада бўлган Гвардейск шаҳрида яшовчи 65 ёшли аёл ҳаётдан кўз юмди.
Тўқнашув юз берган темирйўлни кесиб ўтиш ҳудудида шлагбаум йўқлиги аниқланди. Бу жой поезд яқинлашиб келаётганлиги ҳақида огоҳлантирувчи ёруғлик ва овозли сигнализация билан жиҳозланган. Дастлабки тахминларга кўра, қуёш автомобиль ҳайдовчисининг кўзини қамаштирган ва у тақиқловчи сигнални кўрмай қолган.
Авария юз берган участкада поездлар ҳаракати тикланди. Ҳодиса жойида полициянинг тезкор қидирув гуруҳи ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси иш олиб бормоқда.
Изоҳ (0)