Россиянинг Митишчи шаҳрида болани деразадан отиб юборган аёл айбига иқрор бўлди
Россиянинг Москва вилояти, Митишчи шаҳрида бир ёшли болани ўлдирганликда гумон қилинган аёл ҳибсга олинди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилмоқда.
Россия Тергов қўмитаси Подмосковье бошқармасининг таъкидлашича, 59 ёшли аёл айбига иқрор бўлиб, ариза ёзди.
Сўроқ давомида аниқланишича, аёл 28 январдан 29 январга ўтар кечаси қизи, ўғли, ўғлига ҳамхона бўлган аёл ва унинг бир ёшли фарзанди билан бирга таомланиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Маълум бир вақт ўтгач, боланинг йиғиси 59 ёшли аёлнинг асабига тега бошлагач, у болани тўққизинчи қаватнинг деразасидан кўчага отиб юборган. Гўдак воқеа жойида ҳалок бўлган. Ўткинчилар унинг жасадини эрталаб кўриб қолган.
Аёлга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси, 2-қисми, «в» банди (вояга етмаганни ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.